Главная » 2015»Март»28 » Стеван Йоветич: Россиялик футболчилар ўйинни тўхтатиш учун баҳона қидиришаётган эди
10:43
Стеван Йоветич: Россиялик футболчилар ўйинни тўхтатиш учун баҳона қидиришаётган эди
Футбол бўйича Черногория терма жамоаси ҳужумчиси Стеван Йоветичнинг фикрича, Россия терма жамоаси футболчилари Евро-2016 саралаши доирасидаги ўйинда учрашувнинг тўхтаб қолиши учун исталган бир ҳодисани кутишаётган эди. Бу ҳақда Vijesti хабар бермоқда.
“Хафсалам пир бўлди. Бу нарса бизга асло керак эмас эди. Биз майдонга чиқиб, бор кучимиз билан ҳаракат қилаётгандик, ўз дарвозамизга белгиланган пенальтини қайтардик, лекин ҳозир бу ҳақда гапиришдан нима наф? Майдонга танга учиб келиб, ўйин иккинчи марта тўхтатилганидан сўнг, ҳаммаси тугади”, – деди Йоветич.
“Менга шундай туюлдики, рус футболчилари иккинчи таймда ўйинни тўхтатиш учун ҳар қандай ҳодисани кутишаётганди. Ҳар ҳолда, танаффусда улар: “Агар яна бир кичик ҳодиса бўлса ҳам, биз бу ҳақда дарҳол ҳакамга хабар берамиз”, – дейишганди. Умид қиламанки, бизни унчалик ҳам қаттиқ жазо кутяпти”, – дея қўшимча қилди Йоветич.
Маълумот учун, Черногория ва Россия терма жамоалари ўртасидаги Евро-2016 саралаш ўйинининг 1-дақиқасидаёқ ўйин тўхтаб қолганди. Россия терма жамоаси дарвозабони Игорь Акинфеевга файер улоқтирилиши натижасида, унда мия чайқалиши юз берган ва елкаси куйган, натижада уни майдондан замбилда олиб чиқиб кетишди.
Иккинчи таймда, Россия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Роман Широков пенальтидан гол ура олмаганидан сўнг, икки жамоа футболчилари ўртасида баҳс келиб чиқди, охир-оқибат ҳакамлар футболчиларни майдондан олиб чиқиб кетишди.
Кейинроқ учрашувни тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилинди. УЕФА ушбу ҳолат юзасидан интизомий текширув ўтказмоқда. Черногория терма жамоасига 0:3 ҳисобида техник мағлубият ёзилиши мумкин.