Фалаж аёл “F-35” қирувчи самолёти симуляторини онг ёрдамида бошқариш учун миясига ўрнатилган имплантантдан фойдаланди. 55 ёшли Ян Шойерман исмли аёл билан ўтказилган бу тажриба “DARPA” номи билан танилган АҚШ мудофаа вазирлигининг тадқиқотлар бошқармаси раҳбарлигида ўтказилаётган лойиҳанинг бир қисмидир. Ушбу агентлик биология ва робототехникани бирлаштириш устида иш олиб бормоқда.
“Ян самолётни жойстик билан эмас, онги ёрдамида бошқарди. Аёл учувчи эмас, у ҳаётида асло парвоз қилмаган. Симулятор бевосита асаб толалари орқали бошқарилди”,
— деди “DARPA” раҳбари Арати Прабхакар.
Шойерман ирсий касаллик оқибатида бошидан ташқари бутун танасини ҳаракатлантира олмайдиган бўлиб қолган. Аёл 2012 йилда роботлашган қўлни онги орқали назорат қилиш имкониятига эга бўлиш учун миясига электродлар ўрнатилишига розилик берган.
“IBTimes”нинг хабар беришича, самолётни фикран бошқаришда қўлланиладиган технологияда бош мия ҳужайраларини электрон схемага улайдиган мўъжаз электродлардан фойдаланилади.
“Бу фантастик, юракни орзиқтирадиган парвоз бўлди ва буни уддалай олганимдан бахтиёрман. Бу тадқиқот ҳаётимга мазмун олиб кирди, янги дўстлар ва ҳамкасбларни тақдим этди ҳамда фан ривожига ҳиссамни қўшишимга ёрдам берди”,
— деди Шойерман хоним.
“F-35 Joint Strike Fighter” Пентагоннинг энг янги ва энг қиммат қирувчи самолёти ҳисобланади. Виртуал симуляторда ўтказилган тадқиқотлар жанговар ҳаракатларда жароҳатланган ҳарбийларга техникани онг ёрдамида бошқариш имкониятини берувчи тизимни ишлаб чиқаришга ёрдам бериши кутилмоқда.
Аммо “DARPA” вакиллари бундай тизим ишга тушадиган давр келишига ҳали анча вақт борлигини билдиришди.