Манчестер Юнайтед” Премьер-лига доирасида ўтказилган 32-тур баҳсида “Манчестер Сити”ни ўз майдонида қабул қилиб, 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Кўпчилик учун кутилмаган ва ҳайратланарли натижа бўлди. Аммо, шу ўринда бир савол туғилади: “Манчестер Юнайтед”нинг ғалабаси ҳаққониймиди?
Юқоридаги савол бежизга бугун кўтарилгани йўқ. Сабаби, учрашувдан сўнг бир қанча футбол иҳлосмандлари (“МЮ” мухлислари бундан мустасно бўлсалар керак) “қизил иблислар”нинг ғалабаси ҳаққоний бўлмаганини ва ҳакамлар ушбу ўйинда “МЮ”га кўмаклашганини таъкидлаб ўтишди. Эмишки, Эшли Янг томонидан киритилган голдан бошқа барчаси ўйиндан ташқари ҳолатдан киритилган. Ана шу гаплар нақадар рост экани ва ҳакамлар чиндан ҳам “МЮ”га ён босганми ёқми, қўйидаги материаллар орқали билиб оламиз.
Эшли Янг мувозанатни тиклаганидан сўнг, “МЮ” асосан муваффақият келтирган, яъни, Эшли Янг ҳаракат қилган чап қанотдан ҳужумлар уюштира бошлади. 27 дақиқага келиб Эшли Янг ва Дэйли Блинд бошлаган комбинацион ҳужумни Маруан Феллайни боши билан берилган аниқ зарбаси орқали якунлади. Ана шу вазиятда бельгиялик футболчи оффсайд ҳолатидан гол урди, дея норозилик билдирганлар бўлди. Ҳақиқатдан ҳам Феллайни ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетгандек эди, аммо, эътибор бериб қарасангиз, у тўпни сўраб қўли билан ишора қилган вақтда тўп узатилаётган эди. Унинг гавдаси ва оёқлари Гаэль Клишиники билан бир чизиқда жойлашганди. Шунинг учун ҳам ён чизиқ ҳаками бу ерда ҳеч қандай қоидабузарликни аниқламади.
“МЮ”нинг учинчи голида эса 100% оффсайд бор эди. Буни тан олишдан бошқа иложимиз йўқ. Уэйн Руни жамоадоши Хуан Матага тўп узатаётган вақтда испаниялик ярим ҳимоячи аллақачон ўйиндан ташқари ҳолатга чиқиб бўлганди. Афсуски, ён чизиқ ҳаками бу вазиятни ё кўрмади, ё умуман кўришни истамади.