Главная » 2015»Апрель»16 » ОФК коэффициентлар жадвали: БАА узоқлашди, Қатар яқинлашди
13:18
ОФК коэффициентлар жадвали: БАА узоқлашди, Қатар яқинлашди
Ниҳоят, Осиё чемпионлар лигасининг 4-турига келиб, клубларимиз нисбатан яхшироқ натижа қайд этишди. “Локомотив”нинг ғалабаси ва “Пахтакор”нинг дурангидан кейин ОФК коэффициентлар жадвалида (ОФККЖ) ўз ҳисобимизга 1 баллни қўшиб қўйдик. Тўртинчи тур ўйинлари коэффициентлар жадвалига қай даражада таъсир қилганига назар ташлаймиз.
ЭНГ ЮҚОРИ БАЛЛ — ЯПОНИЯДА
Чемпионлар лигасининг 4-турида энг кўп очкони Япония клублари қўлга киритишди — 8 очко. Бу орқали японлар коэффициентлар жадвалида ўз ҳисобларига 2 балл қўшишди. Натижада Япония ОФККЖда Австралиядан ўтиб кетди ва Шарқ минтақасида 2-ўринга кўтарилиб олди. Эрон клублари эса саудияликлар билан тўқнашувда 7 баллга эга бўлишди (Саудия Арабистони — 4 очко).
Ўзбекистон клублари 3 ва 4-турларда БАА ва Қатар клублари билан баҳс олиб бориши аниқ бўлганидан кейин рейтингдаги ўрнимизни анча мустаҳкамлаб олишни кутгандик. Аммо бундай бўлиб чиқмади. Жамоаларимиз 2та тур давомида 8та ўйинда бор-йўғи 5 очко (1,25 рейтинг бали) жамғаришди. Иккитадан клуб билан ОЧЛда қатнашаётган БАА ва Қатар клублари 4-турда ўз мамлакатларига мос равишда 2,0 ва 1,5 рейтинг балларини тортиқ қилишди. Натижада БАА жадвалда биз билан орадаги фарқни оширган бўлса, Қатар масофани қисқартирди.
ФИФА РЕЙТИНГИ
9 апрель куни ФИФА терма жамоаларнинг навбатдаги рейтингини эълон қилди. Осиёнинг деярли барча жамоалари ўз очколарини пасайтиришган. Ўзбекистон март ойи рейтингига нисбатан 7 балл йўқотган бўлса, БААнинг рейтинги 21 баллга камайди. Коэффициентлар жадвалининг “терма жамоалар” бўлимида Амирлик нисбатан кўпроқ очко йўқотгани боис, БАА билан орамиздаги фарқ 7,3 баллни ташкил қилмоқда (бундан аввалги жадвалда фарқ 7 балл эди). Қатар эса ФИФА рейтингида ўз очколарини 37 баллга оширди. Ҳам клублар, ҳам терма жамоалар томонлама ўз ҳисобини тўлдириши оқибатида қатарликлар ОФККЖда энди Ўзбекистондан 7,3 баллга ортда қолмоқда (ОЧЛ 3-туридан кейин фарқ 10 очкони ташкил қилаётганди).
ФИФАнинг янги рейтинги туфайли жадвалда юз берган ўзгариш сифатида Шарқ минтақасида Ҳиндистоннинг 12-ўриндан 10-поғонага кўтарилиб олганини кўрсатиб ўтиш мумкин.
КЕЙИНГИ ТУР УЧУН ТАХМИНЛАР
Ўзбекистон клублари ОЧЛнинг 5 ва 6-турларида яна Эрон ва Саудия Арабистони жамоаларига қарши баҳс олиб борадилар. “Бунёдкор” плей-оффга чиқиш имкониятидан тўлиқ маҳрум бўлди. “Қалдирғочлар” қолган 2та ўйинда Ўзбекистонга ОФККЖда рейтинг балларини келтириш учун ўйнашлари керак бўлади. Шунингдек, қолган жамоаларимиз нимчорак финалга чиқиш учун кураш олиб боришлари шарт. Гуруҳ босқичидан чиққан ҳар бир жамоа мамлакатимизга қўшимча 3 очкодан келтириш билан бирга, кейинги босқичларда рейтинг балларини қўшиш учун курашда давом этади.