Главная » 2015»Июнь»26 » «Барселона»га таклиф қилинган ўзбек ўғлони!
12:46
«Барселона»га таклиф қилинган ўзбек ўғлони!
Аслида, бу мақола аввалроқ чиқиши керак эди. Чунки биринчидан, бугун биз ҳикоя қиладиган мазкур йигитча аллақачон ўз тенгқурлари орасида илгарилаб кетган, ўзига берилган ишончни ортиғи билан бажариб бўлган.
Иккинчи томондан эса, унинг тақдири атрофида бўлганлар тўғри маънодаги тажрибасизлик қилиб қилишди ва шундай иқтидорни йўқотиб қўйишларига сал қолди.
Лекин, эзгу ишнинг кечи йўқ деганларидек, бугунги кунга келиб, бу йигитча ҳақида имкон қадар батафсил маълумот беришга қарор қилдик. Аниқроғи, Ўзбекистон келажаги сифатида қаралаётган ушбу футболчимизнинг оталари UFF.uz сайти орқали бор ҳақиқатни айтиб берганларини биз "оққа" туширдик. Уларни эшитиб туриб, фарзандлари ҳақида оммага маълум қилмасликни катта номардлик деб, ҳисобладик.
Боз устига, Сардор ҳақида бошқа кўплаб мухлисларнинг ҳам эшитганлари бор экан...
Ҳа, бугун биз сизни бир йигит билан таништирамиз. Насиб қилса, у яқин кунлар ичида Каталониянинг "Барселона" жамоасига ўтиб кетишга яқин турибди. Бу осмондаги гаплар эмас. Шунчаки, бор ҳақиқатни эътиборингизга ҳавола қиламиз, холос.
Демак, бошладик...
У КИМ? УНИНГ БОЛАЛИГИ
Бу йигитнинг исми — Сардор Икромович Юсупов!
У 1997 йилнинг 22 январь санасида Тошкент шаҳрида туғилди. Яратганнинг инояти билан болалигидан бошлаб тўпга ва унинг ортидан югуришга меҳр қўйди. Унинг отаси спорт соҳасида ишлагани боисми ёки бошқа сабаб - Сардор футбол билан ўса бошлади.
Қаҳрамонимиз 5 ёшига қадам қўйганида уни Ҳамза (ҳозирги - Яшнабод) туманидаги “Олимпия” спорт мажмуасида Карен Аванесян мураббийлиги қўлостида футболнинг илк сабоқларини ўрганишни бошлади.
Ёш болакайнинг тўп билан муомаласи, дриблинглари ва техникаси ҳақидаги гап-сўзлар тез орада бутун маҳалла ва яқин атрофга тарқалиб кетди. Беш ёшли болакай тўп билан юрганида ҳаммани бирдек лол қолдирарди.
Яхши хабар тезда тарқалади, деганларидек бу бола ҳақида шов-шувлар “Пахтакор” академиясининг 1997 йилда туғилган болалари мураббийи Жасур Абдураимовнинг қулоғида бориб етади.
"ПАХТАКОР" АКАДЕМИЯСИДА
Мутахассислар кўргач, болакайнинг иқтидори тан олинади. Натижада Сардор 8 ёшга қадам қўйиши билан, “Пахтакор” академиясида машғулотларга киришди. Ўзидаги Аллоҳ берган иқтидор академиядаги профессионал кўрсатмалар орқали сайқалланади, шаклланади, янги босқичга чиқади.
Бу болакай ўз тенгқурлари орасида яққол ажралиб чиқди ва кичкина бўлишага қарамасдан тўғри йўналтирувчи ажойиб зарбалари билан жамоадошларидан бир бош устун бўлиб тураверди. Орадан икки йил ўтди. Сардорнинг ўйини секин-аста жиддийлашиб борди.
Бир куни "Пахтакор" стадионининг ёш болалар шуғулланадиган майдончасида "Пахтакор" тарбияланувчилари ўртасида кичик мусобақа ташкил қилинди. Ўша мусобақадаги ўйинларни ота-оналар ва бошқа футбол ишқибозлари ҳам кузатиб боришди. Йиғилган мухлислар орасида голландиялик футболга бефарқ бўлмаган бир тадбиркор одам ҳам бор эди. Сардорнинг ўйинидан лол қолган ушбу тадбиркор тезлик билан бу болакайнинг отаси билан учрашиши истагини билдирди.
Мазкур голландиялик тадбиркор тошкентлик гул бизнеси билан шуғулланадиган танишлар орқали Сардорнинг отаси Икром ака билан учрашишга муваффақ бўлди. Учрашув Тошкентдаги "Ўзбекистон" меҳмонхонасида бўлиб ўтади. Ҳалиги голландиялик киши Сардорни дунёга машҳур "Фейеноорд" академиясига таклиф қилди. Ҳатто унга виза масаласида ҳам ёрдамини аямади. Чунки, у Сардордаги мисли кўрилмаган иқтидорни Голландияда тоблашни истади.
"ФЕЙЕНООРД" АКАДЕМИЯСИГА ҚАБУЛ
Европа футболи билан Сардор 10 ёшидан яқиндан танишиш бахтига муяссар бўлди. Европанинг кўзга кўринган клуби академияси катта мураббийи Ван дер Краан ёш ўзбек иқтидорини машғулотларга таклиф этади. Хуллас, 2008 йили Сардор Голландиянинг "Фейеноорд" клуби академиясига кўрикка чақирилди. Дарвоқе, бу болакай ҳақида сайтимизда ҳам 2008 йили материал берган эканмиз, манбаси "ИнтерФУТБОЛ" газетаси бўлган.
"Фейеноорд" академиясига борган Сардорни илк куниёқ машғулотларда синаб кўришди. Бешта, олтита тенгқурларини орқасида қолдириб ва уларни алдаб ўтиб голларни ёғдириб ташлади. Машғулотни ташкил қилган маҳаллий мураббийларнинг оғзи ланг очилганича, бу воқеани клуб президентига етказишади.
"Фейенорд" клуби раҳбарияти махсус Сардор Юсуповни кўриш учун эртаси куни ташкиллаштирилган бошқа ўйинга етиб келди. Бу сафар ҳам ҳамма лолу-ҳайрон қолди.
Сардор ўзининг хатти-ҳаракатлари билан барчани ортда қолдирди ва голларни уриб ташлади. Ўз техникаси, индивидуал маҳорати ва майдонни кўра олиши билан ҳаммани қойил қолдиради. Энди ҳаммаси маълум бўлиб улгурганди...
"Фейеноорд" академияси ўзбек боласини олиб қоладиган бўлди. Шу жойда барчаси кўнгилдагидек кетиши мумкин эди, аммо ...
Аммо, "Фейеноорд" раҳбари Сардорнинг отасига Голландия қироллиги паспортини таклиф қилади. Ҳа, улар Сардорни Голландия байроғи остида майдонларга тушишини исташди. Унга тезлик билан фуқороликни ўзгартиришни маслаҳат беришди.
Айтишларича, Голландия паспортини таклиф қилиш - бу фақатгина Лотин америкасининг асл иқтидорларига бериладиган ноёб таклиф бўлиб, ўша футболчи шубҳасиз катта салоҳият эгаси эканлигини англатар экан.
Йўқ, ота бундай қилмади. "Агар истамасангиз боламни юртимга олиб кетаман", деди ота. Афсуски, келишув амалга ошмади. Шу тариқа, Сардор Тошкентга қайтди.
ЯНА "ПАХТАКОР" АКАДЕМИЯСИДА
Кейин у 15 ёшигача "Пахтакор" академиясида шуғулланиб келди. 15 ёшлигида Сардор Юсупов республика миқёсидаги барча йирик мусобақаларни ютиб олди. Бундан ташқари, икки маротаба Қозоғистон Президенти кубоги турнирининг (2010-2011 йиллар) бош совринини қўлга киритди. Сардор ўз жамоаси билан Россия ва Украинадаги йирик халқаро турнирлар ғолиблигини қўлга киритди. Деярли барча ўйинларда голлар урди.
Дарвоқе, шу жойида қўшиб кетамиз. Сардор ёшлигидан "Барселона" жамоаси мухлиси ҳисобланади ва у Испания футболига бошқача кўз билан қарайди. Ёшлигидан испан тилини ўзича ўрганишга ҳаракат қилди. Интернетдаги ёзишмалар натижасида Каталониядаги "Севилья Олимпик" клубига "доступ" топади. Ота-бола маслаҳатлашиб, 2012 йили Каталония қайдасан, деб Барселонага йўл олишади.
Айтганча, 15 ёшли Сардорга 2012 йили "Пахтакор" жамоаси шартнома таклиф қилади. Аммо, футболчининг отаси боласини Испанияда шуғуллантириш нияти борлигини айтиб, Каталонияга равона бўлади. Ота фарзандининг келажаги учун ўй-жойини сотишга мажбур бўлади.
ИСПАНИЯГА САФАР
Ота-бола Барселонага етиб боришади. Ўрта ер денгизига яқин бўлган "Севилья Олимпик" клуби майдончасига атрофидаги турар-жойга жойлашишади. Эртаси куни "Севилья Олимпик" машғулотларига боришади. У ерда ҳеч ким инглиз тилини билмайди, боз устига ватандошларимиз ҳам испанчани билишмайди. Лекин, футбол тилида суҳбат барибир бўлади.
Ўша майдончада "Севилья Олимпик" клубининг тарбияланувчилари иккига бўлиниб футбол ўйнашаётган эди. Биринчи бўлим тугайди. Ўнг томондаги жамоа 2:0 ҳисобида мағлубияга учраётган эди. Шу пайт Сардорнинг отаси дарвоза ортида турган ва захирадан ўйинга тушишга тайёргарлик кўраётган болалардан ёшларини сўрайди. Улар ёшимиз 15да деб айтишади. Не бахтки, улар Сардорнинг тенгдошлари эдилар.
Икром ака, дарҳол мураббийни топиб, ўзини таништиради ва ўғлини 2 дақиқага майдонга туширишга рухсат сўрайди. Табиийки, бунга рад жавобини олади. Аммо, Икром ака "делагато"ни (испанча бўлган бу атама - жамоа раҳбари деган маънони англатади) топиб, сайёҳ эканлигини айтади ва боласининг фойдаси албатта тегишини уқтиради, ютқазаётган жамоа тарафдорлари ҳам Сардорни тушсин деб, розиликни олиб беришади.
Сардор ўйинга тушади. Шу ўринда бир нарсани эслатиб кетмоқчимиз, Сардор Каталонияга келгунига қадар объектив сабабларга кўра, икки ой шуғулланмаётган эди. Лекин, барибир майдонга тушади...
Ишонасизми, у испаниялик болакайларни бир тўда қилиб алдаб ўтиб, иккита гол уриб беради. Майдонда ўйинни қўлига олиб, барчани ҳайрон қолдиради. Ҳалиги, менсимай турган мураббий энди фикри ўзгариб, эртаси куни Икром акани фарзанди билан катта стадионга, бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинга таклиф қилади. Энг муҳими, бу ҳақида "Севилья Олимпик" клубининг президентига хабар беришади. Атайин президент кўриши ва махсус Сардор учун катта стадионда ўйин ташкил қилинади.
САРДОР - ХАВИ ВА ИНЬЕСТАЛАРНИНГ КИЧИК "НУСҲАСИ"
Ўйин куни ота-бола барвақт стадионга етиб боришади. Клуб президенти "қани ўша боланг" деганча ўйинни кузата бошлайди. Ўйин бошланади. Сардорнинг жамоаси 12:4 ҳисобида ғалаба қозонади. Сардор голларнинг ярмисини уриб, қолганига голли узатмалар беради. Ўйин охирларида бўлса, мухлислар учун ўйнайди.
Яъни, "публика"га ўйнайди. Тўпни рақиб футболчилари боши устидан олиб ўтади, икки оёқлари орасидан, қўйинки худди Зидан сингари бутун майдондаги футболчиларини дриблинги билан алдаб ўтиб, мухлисларни ҳайратга солади. Худди, "Гладиатор" киносида Максимуснинг оммани бошқаргани каби, Сардор ҳам йиғилган мухлисларни ўйини орқали бошқариб туради.
Маҳаллий испанлар Сардорга "Хави", "Иньеста" деб лақаб ҳам қўйиб олишади. Чунки, у айнан Хави Эрнандес ва Андрес Иньесталарнинг хатти-ҳаракатларини эслатиб юборади ва уни ҳозир ҳатто кичик Месси деб ҳам аташаяпти.
Ўйин тугайди. Клуб президенти ва мураббийлар ўртасида ўзаро муҳокама бошланиб кетади. Икром ака эса, секингина трибунани тарк этади. Бир маҳал беш-олти киши "сеньор-сеньор" деганча юугуриб қолишади. Бир кун аввал Икром акага қайрилиб ҳам қарамаётган мураббийлар ялинишга тушишади - "Contract!".
Тушиндингиз. "Севилья Олимпик" клуби академияси Сардор отасига шартома таклиф қилади. Икром ака, биз "Барселона" клубига келганмиз, бу ерга эмас деб рад жавобини беради. "Эсингиз жойидами, бизнинг клуб обрўси ҳам жуда яхши. Ўғлингизга шартнома таклиф қиляпмиз. "Барса"да нима қиласиз, у ерга бутун дунёдан 20 мингдан зиёд иқтидорлар келиб кетади-ку! Боз устига уларнинг аксарияти бойларнинг фарзанди ҳисобланиб, бир йиллик шуғулланиш учун 50 минг еврогача беришади. Сизнинг пулингиз йўқ, болангизни олишмайди" дейишади.
КАРЛОС БИЛАН ҲАМКОРЛИК
Бу орада Икром акага Карлос исмли испаниялик таниши борлиги эсига тушиб қолади. Боксга алоқаси бор Икром ака, ўзбекистонлик машҳур бокс мураббийи Владимир Шин орқали Карлос билан танишиб олган эди. Чирчиқ шаҳридаги "Максам-Чирчик" корхонаси ҳомийлик қилган бир мусобақада Икром ака Карлос билан танишиб қолади. Хуллас, ўша Карлос бахтга қарши Каталонияда яшар экан. Карлос билан маслаҳатлашиб, Икром ака Сардорни "Севилья Олимпик" академиясида қолдиради.