Халқаро майдонларда “натижасиз” футболимизнинг айни пайтдаги аҳволи ҳақида ёзилган таҳлилий ва танқидий мақолалар бир жойга йиғиладиган бўлса осмонўпар бино билан бўйлашса керак.
Тан олиб айтамиз, ёшлар миқиёсидаги термаларимиз бундан мустасно. Лекин, ҳар қандай мамлакат футболининг айни пайтдаги кучи, салоҳияти миллий терма жамоанинг ютуқларига қараб белгиланади.
Барчамизга маълум, қайсидир юрт бирор соҳада бошқалардан илгарилаб кетса, улардаги мавжуд ижобий жиҳатлардан бошқалар ҳам ўрганиб фойдаланишга ҳаракат қилиниши аниқ. Билиб турибмиз, футболимиз ўсишдан тўҳтаб қолди. Демак, миллионлар ўйинида биздан илғор бўлган бўлган Европа футболи андозасини ўрганиб, уни ўзимизда тадбиқ қилишимиз зарурияти туғилган.
Натижа учун ҳаракатни қаердан бошлаш керак?
Мухлисларнинг “терма жамоага фалон футболчини ёки фалон мураббийни олиш керак” деган гапларида жон бордек... Бироқ, ўзбек футболидаги камчиликлар сабабини миноранинг юқорисидан эмас, балки унинг пойдеворидан излаган маъқул. Индаллога ўтадиган бўлсак, мамлакатмизда фаолият юритаётган барча футбол мактаблари, интернатлар, академияларнинг олдига ягона мақсад қўйилган у ҳам бўлса – миллий терма жамоамизга юқори савиядаги ўйинчи етказиб бериш.
Ҳўш, ўша муассасаларда жаҳон стандартлари даражасида машғулот олиб борадиган мураббийлар иш олиб боряптими? Мен хизмат юзасидан ўқув даргоҳларидаги машғулот жараёнини кузатиб шунга амин бўлдимки, мураббийларимиз ҳали ўша эски қолипдаги машқларни болаларга ўргатиш билан оворалар. Янги ўқув технологиялари керак бизга!
Мен юртимизга Жозе Моуриньо ёки Пеп Гвардиолани олиб келиш керак, деган фикрдан йироқман. Балки, ҳар бир вилоятга қўҳна қитъанинг Португалия, Голландия ва Англия давлатларидан тажрибали болалар мураббийларини олиб келиб, футбол мактабларида ишлаётган устозларга семинарлар ташкил этиш керак ва жуда зарур. Улар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ўзимизнинг анъаналаримизга мослаб “футболда ғалаба қозонишни ЗАМОНАВИЙ ЎЗБЕКОНА ФАЛСАФАСИНИ ” ишлаб чиқиш пайти келди, менимча. Вилоятларимизнинг чекка қишлоқларида қурилиб ишга туширилаётган кўплаб мини-футбол стадионларига бориб кўринг-а.
Ўйингоҳлар эрта-кеч терлаб тўп тепаётган ўсмирлар билан банд. Чунки, бизда футболга бўлган қизиқиш аъло даражада. Табиатимизни йилнинг деярли тўрт фаслида футбол ўйнаш учун жуда қулайлиги айтмайсизми? Фақат копток қуваётган йигитлар қандай ўйин ўйнаётгани бутун жаҳонни маҳлиё қилган ўйин фалсафасини билмайдилар, холос. Мактабларимиздаги машғулотлар савияси жаҳон андозаларига тўғри келгандагина қитъа ва дунё миқёсидаги муваффақиятлар ҳақида ўйлашимиз мумкин. Ахир, бизга ўзбекнинг бўлғуси Лэмпардлари, Мессилари керак-ку!
Европа футболининг алоҳида хусусиятлари
Европа футболида болаларни аввало натижага эмас, футболни севишга ўргатишади. Мураббийлар шиори эса “ футбол ўйнаб, ундан роҳатланишни ўргатиш”дир. Эътибор берсангиз, европалик ўйинчилар майдонда худди машшоқ куй чалаётганидаги каби, иштиёқ билан тўп суришади.
Қўҳна қитъада тарбияланувчи 13 ёшга тўлгандагина куч ва тезлик устида ишлай бошлайдилар. Унгача тўп билан муомала қилиш, тарбияланувчиларнинг мускулларини ривожлантириш бўйича машқлар ўтказилиб борилади, холос. Европанинг турли давлатларидаги услублар ҳам бир-биридан фарқ қилади.
Италия футбол мактабларида болаларга аввал ярим ҳимоя ва ҳимояда тартибли ўйнашга алоҳида эътибор қаратилади. Бу ерда бошқа мамлакатлар футболидан фарқли равишда энг кўп вақт тактикани тўғри ташкил этишни чархлашга кетар экан. Испания ва Голландияда эса, асосий эътиборни тўп билан алдаб ўтиш ҳамда тезликка қаратишади.
Англия футбол мактаби бу – тўп билан муомала қилиб алдаб ўтиш(дриблинг) ва чидамлиликка эътибор дегани. Яна тўп узатишдаги аниқлик, стандарт вазиятлар ва узоққа бериладиган пасларнинг ижобий якун топиши устида жуда кўп ишланади.
Мураббийлар илк машғулотлардан бошлаб болаларга тўп билан фаол ҳаракатланиш ва дриблингни ўргата бошлайдилар. Бу билан биргаликда жамоага чидамлиликдан иборат пойдевор қўйилади.